Об-ҳаво
Астана +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Ўзбекистонда Фискал институтга талабаларни қабул қилиш тартиби тасдиқланди

21 Июнь 2021 13:29

TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистонда Фискал институтга қабул қилиш тартиби тасдиқланди, деб хабар беради Kazinform Norma.uz ахборот-ҳуқуқий порталига асосланиб.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ва солиқ техникумлари фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 307-сон қарорни қабул қилди.

Янги қарорга кўра, институтнинг бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги тўрт йил, сиртқи таълим шакли бўйича беш йилни ташкил этиб белгиланган.

Институтнинг магистратура мутахассисликлари кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги бир йилни ҳамда масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакли ўқиш давомийлиги икки йилни ташкил этади.

Мазкур таълим даргоҳида бакалавриат йўналишини имтиёзли тугатган битирувчилар, истисно тариқасида, институт магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, ўқишни тугатгандан сўнг давлат солиқ хизмати органларида камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, Давлат органларининг марказий аппарати ходимларини:

солиқлар ва солиққа тортиш;

молиявий назорат ва аудит;

солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи;

иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳалари бўйича масофавий, сиртқи ва кечки таълим ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра кириш тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилиши қарорда белгилаб қўйилган.

Янги қарордаги имтиёз шуки, ДСҚ тизимидаги Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ коллежларининг давлат солиқ хизмати органларида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган битирувчилари институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинади.


Фото: UZA
Калит сўзлар: Марказий Осиё,
Юқорига