Об-ҳаво
Астана +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Ўзбекистон президентлик сайловида овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда

24 Октябрь 2021 12:00

TASHKENT. Kazinform – 24 октябрда Ўзбекистонда соат 8 дан президентлик сайловида овоз бериш учун 14 та сайлов округида 10 мингдан кўпроқ сайлов участкаси ўз ишини бошлади ва соат 20 гача фаолият юритади. Давлат раҳбари лавозимига 5 номзод, жумладан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев даъвогарлик қилмоқда, деб хабар беради Kazinform.

14-20 октябр кунлари 421 мингдан кўпроқ, жумладан хорижда 120 мингдан кўпроқ фуқаро сайловда муддатидан олдин овоз берди.

Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари учун 49 мамлакатда сайлов участкалари очилган. Қозоғистон ҳудудида Нур-Султан, Алмати ва Ақтаудаги дипломатик ваколатхоналарда сайлов участкалари очилган, шунингдек, барча ҳудудларда кўчма сайлов комиссиялари очилгани ҳақда хабар берган эдик.

Президент лавозими учун 5 номзод кураш олиб боради: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Алишер Қодиров, «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов ва Экологик партиядан Нарзулло Обломурoдов.

Сайлов хавфсизлигини таъминлашга Ички ишлар вазирлигининг 53 мингдан кўпроқ ходими ва жамоатчилик вакиллари жалб қилинган. Сайлов пандемия шароитида ўтаётгани сабабли овоз берувчиларнинг карантин чекловларига амал қилиши назорат қилинади. Жумладан, уларга сайлов участкасига кириш жойида ҳимоя ниқоблари, қўлқоплар ва қўллар учун дезинфекция воситалари берилади. Бундан ташқари, ҳар бир сайлов участкасида тиббий пункт ташкил этилган бўлиб, уларда 21 мингдан кўпроқ тиббий ходим навбатчилик қилади.

Сайлов боришини 900 дан кўпроқ халқаро кузатувчи, халқаро ташкилотлар, жумладан, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ, ЮНЕСКО, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва хорижий давлатларнинг вакиллари кузатиб боради. Шунингдек, округ сайлов комиссиялари томонидан 5 та сиёсий партиянинг 53 мингдан кўпроқ вакилига кузатувчилар ваколати берилган.

Сайлов боришини маҳаллий ва хорижий ОАВларнинг 1670 га яқин вакили ёритади.

Сайловнинг дастлабки натижаларини 25 октябрда эълон қилиш режалаштирилган. Сайлов бўлиб ўтган деб тан олиниши учун уларда овоз берувчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этиши керак.

Калит сўзлар: Марказий Осиё,
Юқорига