Об-ҳаво
Астана 14 °С
Алматы 12 °С
Валюта курси
USD 405.69
EUR 455.51
RUB 5.72
CNY 57.42

Н.Назарбоев ҳозирги ҳолатни 90-йиллар бошидаги вазият билан таққослади

20 Март 2020 11:32

NUR-SULTAN. Kazinform – Ҳозирги вазият 90-йилларнинг бошидаги қийин даврга ўхшайди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Елбасы Нурсултон Назарбоев халққа мурожаатида айтиб ўтди, деб хабар беради Kazinform.

«Бугун биз глобал коронавирус пандемиясига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ҳозирги вақтда вирус дунёнинг 155дан ортиқ мамлакатига, шу жумладан Қозоғистонга ҳам тарқалмоқда. Эпидемиянинг географик кўлами доимий равишда кенгайиб, қурбонлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳолат халқаро иқтисодий инқироз - хомашё, валюта ва молия бозорларининг инқирозига олиб келди. Шубҳасиз, буларнинг барчаси бизнинг мамлакатимизни четлаб ўтмайди. Бошқача қилиб айтганда, биз ҳозир «бўрон» деб таърифланиши мумкин бўлган катта таҳдид олдида турибмиз», - деди Елбасы Қозоғистон халқига Мурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги ҳолат 90-йилларнинг бошидаги вазиятга ўхшайди.

«У пайтда биз ўта оғир аҳволда эдик. Ушбу оғир вазиятда мен барча қозоғистонликларни Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ҳукумат томонидан кўрилаётган шошилинч чораларни қўллаб-қувватлашга чақираман. Давлат органлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун кенг қамровли чораларни кўрмоқда. Шу билан бирга, фавқулодда ҳолат эълон қилиш муҳим ва зарур қадамдир. Ундан кўзланган мақсад фуқароларимиз ва давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилишдир. Ҳозирда коронавирус инфекцияси хавфини камайтириш ва иқтисодиётни барқарорлаштириш учун махсус штаб мавжуд. Озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар, тиббий буюмларнинг етишмаслигини олдини олиш учун барча шароитлар яратилган», - деди Нурсултон Назарбоев.

Елбасы давлатнинг барча ижтимоий мажбуриятлари бажарилаётгани, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқий тартибот таъминланаётганини таъкидлади. Мамлакатимиз тадбиркорлари, кичик ва ўрта бизнес ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Иш жойларини тежаш учун барча ҳаракатлар қилинмоқда.

«Ҳозирги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлат даражасида кўрилаётган чоралар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Мен уни тўлиқ қўллаб-қувватлайман! Шу билан бирга, агар мавжуд инқироз узоқ давом этса, Ҳукумат унга қарши курашиш чораларини ишлаб чиқиши керак. Бундай ҳолатда мамлакатни ва фуқароларимизни тежамкорликка тайёрлаш, ҳар томонлама барқарор ривожланиш йўлидан бориш керак», - деди Президент.


Калит сўзлар: Жамият,
Юқорига