Об-ҳаво
Астана +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Мустақиллик куни муносабати билан Қозоғистон Президентига табрикномалар келмоқда

16 Декабрь 2020 20:09

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга Мустақиллик куни муносабати билан табрик телеграммалари келишда давом этмоқда, деб хабар беради Ақорда.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўз номидан ва Хитой Ҳукумати ва халқи номидан Қасим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистон Мустақиллигининг 29 йиллиги билан табриклади.

«Ўтган йилнинг сентябрь ойида Хитойга давлат ташрифингиз давомида биз Хитой-Қозоғистон муносабатларига абадий, ҳар томонлама стратегик шериклик мақомини бериш тўғрисида икки томонлама келишувга эришдик. Бу икки томонлама ҳамкорлик уфқини кенгайтиради. Мен Хитой-Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият бераман. Мен сизлар билан янги ютуқларга эришиш, ўзаро қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва иккала мамлакат манфаати учун биргаликда амалга оширилаётган «Бир камар - бир йўл» дастури доирасида стратегиялар комбинациясини чуқурлаштириш учун ишлашга тайёрман», - дейилади телеграммада.

Япония императори Нарухито ўзининг табрик мактубида Қасим-Жомарт Тоқаевга Қозоғистон халқига фаровонлик ва ривож тилади.

Саудия Арабистони Қироли Салмон бин Абдул Азиз ол-Сауд ва Саудия Арабистони Қироллигининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ол-Сауд Қозоғистонга янада ривожланиш ва фаровонлик тиладилар.

Буюк Британия қироличаси ІІ Елизавета Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевни Мустақиллик куни билан табриклади.

«Жаноб Президент, миллий байрамингиз билан самимий табрикларимни қабул айлагайсиз. Мен ҳам шундай қийин даврда Қозоғистон халқига энг яхши тилакларимни тилайман», - дейилади телеграммада.

Байрам арафасида Испания Қироли Фелипе, Бельгия Қироли Филипп, Марокко Қироли VI Муҳаммад, Қатар Давлатининг Амири Тамим бин Ҳамад ал-Тани, Уммон Султони Хайсам бин Тариқ, Камбоджа Қироли Нородом Сиамони Қозоғистон Президентига табрик мактублари юборишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз номидан ва ўзбек халқи номидан Қасим-Жомарт Тоқаевни ва Қозоғистон халқини миллий байрам билан табриклади.

«Қозоғистон халқининг фаровонлигини ошириш ва халқаро майдонда мамлакат обрўсини янада мустаҳкамлаш борасидаги ютуқларингиз сизнинг яхши қўшниларингиз сифатида бизни айниқса қувонтиради. Жаҳон пандемияси шароитида мамлакатингизнинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрган самарали чора-тадбирларингиз бизда катта таассурот қолдирди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кучайтирилгани, шунингдек, уни янги босқичга кўтарганини таъкидламоқчиман», - дейилади телеграммада.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларини йўллади.

«Биз икки халқ ўртасидаги мустаҳкам, тарихий алоқаларни қадрлаймиз. Умид қиламанки, биргаликда ишлаш орқали биз Тожикистон-Қозоғистон стратегик шериклигини изчил ва жадал ривожлантирамиз», - дейилади табрик мактубида.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз номидан ва туркман халқи номидан Мустақиллик куни билан табриклади ва Қозоғистонга фаровонлик тилади.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади ва уларга муваффақиятлар тилади.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ўз табригида икки мамлакат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятларни қайд этди.

Қозоғистон мустақиллиги куни муносабати билан табрик телеграммаларини Мўғулистон Президенти Халтмаагийн Баттулга ва Ҳиндистон Президенти Рам Нат Ковинд юборишди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин байрам билан табриклар экан: «Турли соҳалардаги ҳамкорлик туфайли икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Ўтган йили Қозоғистонга ташрифим икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга янги туртки берди. Умид қиламанки, сизнинг COVID-19 пандемияси барқарорлашганидан кейин Корея Республикасига ташрифингиз икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантиришга имкон беради», - дейилади табрикда.

Украина Президенти Владимир Зеленский Президент Қасим-Жомарт Тоқаевни Мустақиллик куни билан табриклади.

«Мустақиллик йилларида Қозоғистон Республикаси Украинанинг Марказий Осиёдаги ишончли шеригига айланди. Ишонаманки, мустақил давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ўзаро ишончга ва мамлакатларимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлашга асосланган ҳолда ривожланиб боради», - дейилади телеграммада.

Шунингдек, Қозоғистон Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Қасим-Жомарт Тоқаевга Грузия Президенти Саломе Зурабишвили, Венгрия Президенти Янош Адер, Италия Президенти Серджо Маттарелла, Швейцария Президенти Симонетта Соммаруга, Польша Президенти Анджей Дуда, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Сербия Президенти Александр Вучич, Исроил Президенти Реувен Ривлин, Литва Президенти Гитанас Науседа, Хорватия Президенти Зоран Миланович, Болгария Президенти Румен Радев, Молдова Президенти Игорь Додон, Мальта Президенти Джордж Велла, Сан-Маринониг Капитан-регентлари Алессандро Карделли ва Мирко Дольчини, Куба Президенти Мигель Диас-Канель Бермудес, Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Жанубий Африка Республикаси Президенти Матамела Сирил Рамафоза, Тунис Президенти Каис Саид, Сьерра-Леоне Президенти Джулиус Маада Био, Евроосиё Иқтисодий Комиссияси Ҳайъати Раиси Михаил Мясникович, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Владимир Норов, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Станислав Зась, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Юсуф ал-Осеймин, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳади Сулаймонпур, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, Евроосиё тараққиёт банки раиси Николай Подгузов, ExxonMobil Global Projects Company компаниясининг президенти Нил Даффин, Eni компаниясининг Бош директори Клаудио Дескальци, Россия Федерациясининг Ядро тадқиқотлари бўйича қўшма институти директори Виктор Матвеев, Эстониянинг Қозоғистондаги элчиси Хейти Мяемеэс, Пенза вилояти губернатори Иван Белозерцев, Байконур шаҳар ҳокимлиги раҳбари Константин Бусигин табриклашди.

Калит сўзлар: Табрик, Мустақиллик байрами,
Юқорига