Об-ҳаво
Нур-Султон +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 449.85
EUR 485.43
RUB 5.71
CNY 70.69

МО мамлакатлари ва РФ парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик айниқса муҳим – ҚР Сенати Раиси

13 Май 2022 11:05

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев «Марказий Осиё – Россия» биринчи парламентлараро форумида иштирок этиш учун Туркманистонга амалий ташриф билан борди, деб хабар беради Kazinform Сенат матбуот хизматига таяниб.

Тадбирда сўзга чиққан Маулен Ашимбаев Марказий Осиё давлатлари ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда бўлиб ўтаётган учрашувнинг рамзийлигини таъкидлади.

«Мамлакатларимиз Президентлари турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Ўтган йиллар давомида мамлакатларимиз мустақиллигини ўзаро ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик ва бир-бирини собит қўллаб-қувватлашга асосланган давлатлараро мулоқотнинг самарали модели ишлаб чиқилди», — деди Сенат раиси.

Маулен Ашимбаев парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик дунёда мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликлар кузатилаётган ҳозирги босқичда айниқса долзарб эканини таъкидлади. Шу муносабат билан Қозоғистоннинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда – мамлакат хавфсизликнинг даҳлсизлиги ва халқаро муаммоларни халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми тамойиллари асосида тинч йўл билан ҳал қилишдан бошқа йўлнинг йўқлигини эътироф этади. Қозоғистон музокаралар жараёнини олға суришга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

«Биз, албатта, Марказий Осиёнинг тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик минтақаси бўлиб қолишидан манфаатдормиз. Марказий Осиёда Афғонистондаги вазият, наркотик моддалар савдоси, чегара муаммолари, чекланган сув ресурслари ва атроф-муҳит билан боғлиқ қатор долзарб муаммолар ва хавфсизлик муаммолари мавжуд. Парламентлараро мулоқот доирасида шу ва бошқа масалаларни муҳокама қилишимиз, уларни ҳал этиш бўйича умумий конструктив ёндашувларни ишлаб чиқишимиз мумкин», — деди Маулен Ашимбаев.

Сенат Раиси Қозоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.

«Конституциявий ислоҳот давлат бошқаруви тизимининг самарадорлиги ва очиқлигини оширишга қаратилган. Йил охиригача Конституция моддаларининг учдан бир қисмига ўзгартиришлар киритиш, 20дан ортиқ қонун қабул қилиш режалаштирилган. Бўлажак референдум эса ҳар бир фуқарога конституциявий ислоҳотларда бевосита иштирок этиш, демократлаштириш йўлимизни мустаҳкамлаш имконини беради», — деди Сенат Раиси.

Шунингдек, форумда Маулен Ашимбаев ҳамкасбларини минтақанинг экологик муаммоларини ҳал этишда яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Орол денгизи билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, шунингдек, минтақа экотизимини ташкил этувчи трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ўзаро манфаатли ва мақбул тартибини топиш ниҳоятда муҳим.

Форумда, шунингдек, Туркманистон Миллий Генгеши Халқ Маслахати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон Республикаси Жогоргу Кенеши Торагаси Талант Мамитов, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Тожикистон Республикаси Мажлиси Олий Мажлиси Миллий Раиси Рустами Эмомали, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Ишчи ташриф доирасида Маулен Ашимбаев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди. Қозоғистон парламенти Сенати Раиси Туркманистон раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломини етказди, шунингдек, икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилинди.

Шунингдек, Туркманистон Миллий Генгеши Халқ Маслахати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув бўлиб ўтди, унда Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни парламентлар орқали мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар логистика масалаларини ҳам кўтардилар. Темир йўл, автомобил ва сув транспорти соҳасида қўшма ишларни фаоллаштириш муҳимлиги геосиёсий кескинлик нуқтаи назаридан қайд этилди.

«Ягона қулай тариф сиёсатини олиб бориш «Қозоғистон – Туркманистон – Эрон» ва «Қозоғистон – Туркманистон – Афғонистон» йўналишлари бўйича товарлар оқимини кўпайтириш имконини беради. Бу, айниқса, юзага келаётган геосиёсий вазият билан боғлиқ ҳолда долзарб бўлиб бормоқда. Шу ва бошқа соҳаларда парламент аъзолари давлат органлари билан фаол ҳамкорлик қилиб, юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашса бўларди», — деди Маулен Ашимбаев.

Суҳбатдошлар, умуман олганда, парламентлараро ҳамкорлик Қозоғистон-Туркманистон муносабатлари барқарорлигини таъминловчи омиллардан бири эканини таъкидладилар. Шу муносабат билан Маулен Ашимбаев икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки томонлама, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича «вақтни солиштириш» учун парламент дипломатияси салоҳиятидан фаол фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Шу куни Сенат спикери Маулен Ашимбаев Қозоғистон Парламенти Сенати ва Тожикистон Мажлиси Олий Мажлиси Миллий ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Тожикистонга учиб кетди.

Юқорига