Об-ҳаво
Астана -7 °С
Алматы -13 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

МДҲ соғлиқни сақлаш ҳамкорлик кенгашининг 32-йиғилиши бўлиб ўтди

29 Октябрь 2020 12:10

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг соғликни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Кенгашининг 32-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди, деб хабар беради Kazinform ЎзА агентлигига таяниб.

Йиғилишда Кенгаш аъзолари — Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Молдова ва Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлари ва соҳа мутасаддилари, шунингдек, МДҲ ижроия қўмитаси вакиллари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон томонидан мамлакатимиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Маълумки, Кенгашнинг бу йилги барча йиғилишлари Ўзбекистон раислигида ўтмоқда. Видеоконференцияда МДҲ мамлакатлари ўртасида «COVID-19»га қарши кураш бўйича биргаликда ҳаракатланиш режалари, Ҳамдўстлик ҳудудида санитария муҳофазаси муаммолари, МДҲ давлатларининг қандли диабет касаллиги буйича эксперт кенгашининг фаолияти ва қатор бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Кенгашнинг 32-йиғилишида Ҳамдўстлик давлатларининг соғлиқни сақлаш бўйича халқаро ҳамкорлиги доирасида қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан:

- «COVID-19» тарқалишининг олдини олиш бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш, касалланган беморларни даволаш ва реабилитация қилиш, илмий тажриба, дори воситалари ва вакциналарни яратишдаги ютуқлар бўйича ўзаро маълумот алмашиш;

- Кенгашга 2020 йил 25 декабрга қадар МДҲ давлатларида ўткир респиратор инфекциялари ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши ва аҳоли иммунитетининг ҳолати тўғрисида таҳлилий маълумотларни тақдим этиш;

- МДҲ мамлакатларининг 2030 йилгача мўлжалланган иқтисодий ривожланиш стратегияси доирасида тиббиёт бўйича белгиланган дастурларни ишлаб чиқиш;

- 2020-2024 йилларда онкологик касалликларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш;

- Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида МДҲ ва Евроосиё онкология ва рентген радиологияси марказлари ҳамда институтлари директорлари ассоциацияси фаолиятини янада кенгайтириш;

- Ноинфекцион касалликларни олдини олиш доирасида зарарли озиқ-овқат маҳсулотлари маркетингини чеклаш бўйича идоралараро ҳамкорлик тажрибасини кўриб чиқиш;

- Ҳамдўстлик давлатлари соғлиқни сақлаш тизимларида АКТни кенг жорий этиш бўйича тажриба алмашиш;

- 2021 йилда МДҲ ташкил топганининг 30 йиллиги арафасида Беларусь Республикаси ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 30 дан ортиқ тадбирларда соғлиқни сақлаш вазирликларининг фаол иштирокини таъминлаш;

- 2020 йил давомида Кенгашнинг Ўзбекистон раислигида ўтган фаолияти якунлари бўйича натижаларни сарҳисоб қилиш каби муҳим масалалар кун тартибида кўриб чиқилди.

Видеоконференция якунида 2021 йилги режалар кўриб чиқилиб, Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинадиган масалалар белгилаб олинди.

Калит сўзлар: Халқаро алоқалар, Тиббиёт,
Юқорига