Об-ҳаво
Астана 2 °С
Алматы 6 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди

21 Февраль 2020 14:04

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонлик ва хорижий экспертлар Нур-Султанда минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Геосиёсий турбулентлик шароитидаги минтақавий хавфсизлик» мавзусидаги халқаро давра суҳбатида кўплаб долзарб мавзулар, жумладан: геосиёсий турбулентлик ва геостратегик кескинлик; глобал даражада ишончсизликнинг кучайиши; янги технологияларнинг хавфи; замонавий дунёда хавфсизликнинг ноанъанавий таҳдидлари ва уларнинг олдини олиш усуллари; Марказий Осиёнинг геосиёсий хусусиятлари ва бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир «Восток-Запад» Халқаро геосиёсий прогноз қилиш маркази, Нур-Султан Сиёсий тадқиқотлар уюшмаси, «Инфогамма» мустақил ахборот-таҳлилий маркази томонидан ташкил этилди.

Давра суҳбатида Қозоғистон Республикаси Парламенти депутатлари, қозоғистонлик ва хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик ваколатхоналар, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, ёшлар жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этдилар.






Шарқшунос олим, сиёсатшунос, Россия Федерацияси Давлат Думасидаги МДҲ ишлари бўйича эксперт Каринэ Геворгян ўз нутқида таъкидлаганидек, МДҲга аъзо бўлган мустақил давлатлар орасида универсал характердаги барча бунёдкорлик ташаббуслари айнан Қозоғистондан келиб чиққан.

«МДҲ таркибига кирган мустақил давлатлар раҳбарларидан умумбашарий тусдаги барча ижодий ташаббуслар Қозоғистон томонидан билдирилди», - деди К.Геворгян Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Н.Назарбоевнинг 2009 йилда нашр этилган «Бешинчи йўл» мақоласини эслаб.

«Унда универсал таклифлар мавжуд», - дея таъкидлади эксперт.






Шунингдек, эксперт юртимиз сиёсий раҳбариятидан сифатли маслаҳат олиш зарурлигини ва мамлакатимизнинг илгари айтиб ўтилган сиёсий «донолиги»ни ҳисобга олиб, Қозоғистонда мумкин бўлган ўзгаришлар истиқболларини муҳокама қилишни таклиф қилди.

«Бизга янги ўзгаришларни муҳокама қиладиган платформа керак, чунки Қозоғистонда буни амалга оширишимиз керак. Бизда муҳокама қиладиган масалалар бор», - деди К. Геворгян.

«Ягона Қирғизистон» партияси раиси, Қирғизистоннинг давлат арбоби, Ҳамкорлик кенгаши бош котибининг ўринбосари Адахан Мадумаровнинг айтишича, хавфсизлик чақириқларини ўша давлатда яшайдиган одамлар белгилайди.






«Ҳар қандай хавфсизликни ўша давлатда яшайдиган одамлар белгилайди. Хорижда яшайдиган бирон бир сиёсатчи ёки олим Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг асл муаммоларини билмайди», - деди А.Мадумаров.

«Ғарб ва чет эл сиёсатчилари ва олимларидан иқтибос келтиришдан олдин, буюк Абайга мурожаат қилиб кўриш лозим. У бағрикенглик, инсонийлик қадриятлари тўғрисида айтган доно сўзларга эътибор қаратиш лозим», - дея қўшимча қилди у.

Сиёсатчи мавжуд таҳдид ва хавф-хатарларга қарши самарали курашиш учун Марказий Осиё мамлакатлари бирлашиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳеч бир мамлакат якка ўзи қарши туролмайди. Янги таҳдид ва таҳдидларга биргаликда қарши туриш зарур», - деб ҳисоблайди А. Мадумаров.





Муаллиф: Медет Ахметов


Юқорига