Об-ҳаво
Астана +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Қозоғистонлик олимлар йўл қурилишининг янги технологиясини ишлаб чиқишди

19 Октябрь 2021 16:29

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон йўл тадқиқот институти президенти, профессор Бағдат Телтаев йўл қопламаси тузилмасида ишлатиладиган паст қувватли табиий тош материалларининг барқарорлигини ошириш учун янги технологиялар ишлаб чиқилганини эълон қилди. Бу ҳақда Kazinform ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлигининг Telegram каналига таяниб хабар беради.

Маълумки, Қозоғистоннинг кўп вилоятларида, айниқса ғарбий вилоятларида, оҳактош ва қобиқли тош каби ғовакли тузилишга эга, паст қувватли табиий материаллар мавжуд. Ғовакли материаллардан фойдаланганда тош намликни ютади ва қишда музлаганида парчалана бошлайди, яъни циклик музлатиш ва эритиш жараёнида тез парчаланади. Бошқача айтганда, бундай материални йўл технологияларида махсус технологияларсиз ишлатиш мумкин эмас. Шу сабабли, йўл мутахассислари материалларни бошқа ҳудудлардан олиб келишга мажбур. Шубҳасиз, бу қурилиш нархини оширади.

Қозоғистон йўл тадқиқот институти олимлари материалларнинг мустаҳкамлигини оширадиган махсус изоляцион қатламни яратиш йўлини топдилар.

«Биз кимё олимлари билан биргаликда бундай тадқиқотлар билан шуғулланамиз. Биз бу изоляцион қатламини ясашнинг иккита усулини, яъни иккита компонентни топдик. Ҳар иккала компонент ҳам биринчи лаборатория текширувларида ижобий натижа берди», - деди Телтаев.

Келгусида ярим саноат шароитида бу усулни ўрганиш бошланади. Йўлнинг экспериментал участкасини қуриш режалаштирилган. Агар янгилик ўзининг самарадорлигини исботласа, ундан фойдаланиш тавсия этилади.

Олимларнинг фикрича, технология тежамкор ва амалиётда, айниқса, маҳаллий аҳамиятга эга йўлларда кенг қўлланилиши мумкин.


Юқорига