Об-ҳаво
Нур-Султон +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 449.85
EUR 485.43
RUB 5.71
CNY 70.69

Қозоғистонда суюлтирилган газ нархининг кескин ошишини чеклаш чоралари кўрилади

18 Январь 2022 14:55

NUR-SULTAN. Кazinform - Суюлтирилган газ нархининг кескин ошишини чеклаш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазири Болат Ақшолақов бугун Ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Суюлтирилган газ бозоридаги вазият устидан тўлиқ назоратни таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, Энергетика вазирлиги томонидан 2 та қарор тасдиқланди. Биринчиси, савдо қоидаларини 2023 йил 1 январгача тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор. Унга кўра, Энергетика вазирлиги суюлтирилган газни электрон тижоратдан ташқарида сотади. Иккинчиси - суюлтирилган нефть газининг максимал улгуржи нархини пасайтириш тўғрисидаги қарор. Унга кўра, бир тонна газ 28 минг тенгегача туради», — деди вазир.

Шунингдек, бугунги кунда суюлтирилган газни ички бозорга электрон савдо майдончаларидан ташқарида етказиб бериш режасини шакллантириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Мазкур ўзгартиришлар мамлакатда улгуржи ва чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхатини кенгайтириш орқали ички бозорни суюлтирилган газ билан таъминлашга қаратилган.

«Қисқа муддатли чора сифатида жорий йилнинг январ ойи охиригача Ҳукумат томонидан очиқлик тамойиллари ва суюлтирилган газ нархининг кескин ошишини чеклаш механизмларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда электрон савдо майдончалари/товар биржалари орқали суюлтирилган газ савдосини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар жорий этилади. Ҳукумат билан келишилганидан кейин бу чора-тадбирлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тарзида расмийлаштирилади», — деди Болат Ақшолақов.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Калит сўзлар: ҚР Энергетика вазирлиги,
Юқорига