Об-ҳаво
Астана 27 °С
Алматы 28 °С
Валюта курси
USD 411.66
EUR 465.92
RUB 5.81
CNY 58.79

Қасим-Жомарт Тоқаев: Пандемия, айниқса, денгизга чиқа олмайдиган ривожланаётган давлатларга кучли зарар етказди

29 Май 2020 10:00

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Президенти « COVID-19 пандемияси даврида ва ундан кейин ривожланишни молиялаштириш» номли олий даражадаги тадбирда иштирок этди, деб хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Видеоконференция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Канада Бош вазири Жастин Трюдо ва Ямайка Бош вазири Эндрю Холнесс ташаббуси билан ташкил этилди. Тадбир COVID-19 эпидемияси оқибатларини юмшатиш ва инқироздан кейинги тикланиш ишларига халқаро кучларни сафарбар этишга бағишланди.

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатлар гуруҳининг раиси сифатида Қасим-Жомарт Тоқаев дунё ҳамжамияти эътиборини эпидемиянинг оқибатларига қаратди: «Пандемия барча мамлакатларнинг ривожланишига таҳдид солмоқда. Айниқса, ташқи молиялаштириш кўрсатгичи пасайган, савдо ва сармоялари камайган денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларга жуда кучли салбий таъсир ўтказди».

Қозоғистон Президенти ривожланаётган давлатларнинг ташқи қарзларни ва «рақамли тенгсизлик»ни бартараф қилиш, тоза ичимлик суви, яшил ва замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларидан фойдаланишни таъминлаш муаммоларини хал этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга чақирди.






Қасим-Жомарт Тоқаев «БМТнинг глобал гуманитар ёрдам кўрсатиш режасини» амалга оширишда ва коронавирусга қарши курашда Қозоғистон томонидан бир қатор хорижий давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари мамлакат глобал озиқ-овқат хавфсизлигини, можароларни ҳал этиш ва тинчликни таъминлаш тарафдори эканини таъкидлади.






Форумда Германия, Франция, ЖАР, Япония, Италия, Буюк Британия, Покистон, Қирғизистон, Беларусь, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар лидерлари, Халқаро валюта жамғармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти, Жаҳон банки, шунингдек, бир қатор халқаро молия институтлари раҳбарлари иштирок этишди.


Юқорига