Об-ҳаво
Астана 1 °С
Алматы 3 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Қарағанди вилоятида энди йилига 1,2 мингта автобус йиғилади

17 Август 2020 14:41

QARAǴANDY. Kazinform – Қарағанди вилояти Саран шаҳрида «Yutong» йўловчи автобусларини ишлаб чиқариш бўйича янги завод очилади, деб хабар беради Kazinform ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматига асосланиб.

«Илгари резина-техник буюмлари заводи негизида корхона жорий йилнинг декабрь ойида ўз маҳсулотини ишлаб чиқаришни бошлайди. Инвестицион лойиҳани амалга ошириш учун лойиҳа оператори «Qaztehna» МЧЖ, «Сарыарқа» ижтимоий ва тадбиркорлик корпорацияси ва «Yutong» компаниялари иштирокида қўшма корхона ташкил этилди. Инвестициялар ҳажми 37,7 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Завод йилига 1200 та автобус ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу биринчи босқичда эскирган жамоат транспорти паркининг ҳолатини сезиларли даражада ўзгартиради», -дейилади баёнотда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бугунги кунда мамлакатдаги 12 мингдан ортиқ автобуслар эскирган, уларнинг 50 фоиздан ортиғи тўлиқ эскирган.

«Yutong» - дунёдаги энг йирик йўловчилар техникасини етказиб берувчи компаниялардан бири. Унинг жаҳон бозоридаги улуши 15%, Хитой бозоридаги улуши 37%ни ташкил қилади. Йилига 70 мингта «Yutong» автобуслар сотилади. Бундан ташқари, индустрия зонасида лойиҳаларнинг ишга туширилиши маҳаллий мутахассислар учун 600 иш ўрнини яратишга имкон беради», - дейилади ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Саран шаҳридаги завод йўл қурилишида ишлатиладиган транспорт воситалари ва ускуналарни ишлаб чиқаради. Маҳсулот сифати Қозоғистондаги саноат ва тоғ-кон компаниялари талабига жавоб беради. Умуман олганда, йилига 400 та махсус техника ишлаб чиқариш режалаштирилган. Келгусида Қарағанди заводи ўз маҳсулотларини нафақат мамлакатимизга, балки Россия, Қирғизистон, Эрон, Покистон ва бошқа давлатларга ҳам экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қарағанди вилоятининг автобус паркини 2022 йилгача 50 фоизга янгилаш режалаштирилмоқда.
Юқорига