Об-ҳаво
Астана +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Дунёда биринчи марта Олий судни бошқарган ўзбекистонлик аёл ҳақида биласизми

25 Май 2021 18:46

NUR-SULTAN. Kazinform - 1964 йил 5 апрелда «Известия» газетасида дунёда биринчи марта Oлий судни бошқарган ўзбекистонлик аёл ҳақида мақола чоп этилди. Унда «ЎзССР Олий Кенгаши Президиуми раиси Ё.Насриддинова, Маданият ва Ижтимоий таъминот вазирлари З.Раҳимбобоева ва В.Содиқовалар билан бир қаторда Ўзбекистон ССР Олий суди раиси Х.Сулаймонова ҳам ҳақли равишда республика фахри ҳисобланади» деган сатрлар бор. Хўш, Хадича Сулаймонова аслида ким эди? Kazinform мухбири мана шу масалани чуқур ўрганиб, қўшни юртда туғилиб, дунё даражасидаги арбоб, истеъдодли олимга айланган ардоқли шахснинг ҳаёт йўли ҳақида сўз юритишни лозим дет топди.

Хадича Сулаймонова аслида ким эди?

ХХ аср бошларидаги суронли йилларда Андижон томонларга бориб қолган Сулаймон Келгенбоев исмли қозоқ йигити маҳаллий аҳоли ичидаги Отинча исмли қизга уйланади. У тирикчилик ғамида Туркистон ўлкасини йиллар давомида оралаб, ўзбек, қирғиз, тожик, туркман ва рус тилларини мукаммал ўзлаштиради. Шу сабабли, Андижон бойларидан биттаси уни карвонсаройга ишга олади. Карвонсаройнинг иш бошқарувчиси сифатида ҳар хил миллат вакиллари, айниқса, карвонсаройга маишат қилиш учун тез-тез келадиган рус мансабдорлари ва полиция приставига хизмат қила оладиган ягона киши Сулаймон эди. Бир неча тилни билиши туфайли у эл қатори рўзғор тебратарди.

Сулаймоннинг қизи Хадича 1913 йил 3 июнда туғилган. Ўлкада Совет ҳокимяти ўрнагандан кейин олатасир замон бошланади. Маҳаллий аҳоли қизилларга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Шундай пайтларнинг бирида Сулаймон тасодифан ўққа учади. Отинча қатъиятли аёл эди. Эрининг вафотидан сўнг қанча заҳмат чекса ҳам фарзандларини ўзгалардан кам қилмасликка ҳаракат қилди. Хадича Сулаймонованинг холаваччаси Қурбонгул Саидова хотираларида «Отинча холам бешта боласи – Юсуфжон, Мўътабар, Хадича, Ниёзбек, Гүлбаҳромлар билан бірге Андижонда яшар эди. Жуда оғир, қонли фуқаролар уруши даврида отам холамни болалари билан бирга Чимкентга кўчириб олиб келган», - қабилида маълумотлар мавжуд. Қурбонгул отам деп атаётган киши кейинроқ Чимкент вилояти матлубот жамиятини бошқарган Фозилбек Қултасовдир. У 1937 йил 1 сентябрда ҳибсга олинган. Бу маълумотларга кўра, Хадичанинг оиласи бир муддат Чимкентда яшаган кўринади. Тарихга назар ташласак, болалик даврида кўп қийинчилик кўрганлар, катта бўлганларида йирик шахсга айланар экан. Эҳтимол, тақдир машаққатлари инсонни тобласа керак.

Хадича акаси Юсуфжон, опаси Муътабар, укаси Ниёз тўрттаси бир кунда мактабга боради. Биринчи синфга. Таажжубланадиган жойи йўқ, совет ҳукуматининг дастлабки йилларида ҳар хил ёшдаги болалар битта синфда ўқиверарди. 1924 йилда Отинча пилла заводига ишга киради. Заводда ишлаш билан бирга ўзбек тили ва адабиётидан ўқитувчилар тайёрлайдиган курсда ўқийди. Ўша билими билан завод ишчилари ва ўзи яшайдиган маҳалла аҳолиси саводини чиқариш тўгарагига етакчилик қилади. Унинг болалари эса рус мактабининг 3-синфидан бошлаб ўқишни давом этдиради.

Хадича онасидан дадасининг қандай инсон бўлганлиги ҳақидаги ҳикояларни эшитиб, дадаси каби кўп тил билишни ният қилади. У даврларда ўзбек заминида вазият мураккаб эди. 1926 йили аёлларнинг паранжисини ечиб ташлатиш учун «Ҳужум» компанияси бошланади. Бир томондан унга қаршилар ҳам пайдо бўлади. 1928 йили паранжи ташлаган, саводсизликни тугатиш ёки бадиий ҳаваскорлар тўгарагига қатнашган 203 нафар аёл ўлдирилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Шунга қарамасдан, аёл ҳуқуқи масаласи кун тартибидан тушмади, аксинча, кучайиб кетди. 1926-1927 йилларда маҳаллий Советларга сайлов мисли кўрилмаган даражада ҳодисага айланди. Шаҳар Советларига сайланған 5220 нафар депутатнинг 929 нафари, район Советларига сайланган 1752 нафар депутатнинг 163 нафари, қишлоқ Советларига сайланган 30613 нафар депутатнинг 3904 нафари аёл-қизлар эди. Бунинг ҳаммасини ўқиб-билиб юрган Ҳадича билим олсагина ютуқларга эришишини тушуниб етади.

Хадича 1931 йили 9 йиллик рус мактабини тугатиб, Тошкентдаги Совет қурилиши ва ҳуқуқ илмий-тадқиқот институтининг тайёрлов курсига ўқишга киради. Бир йил ўқигандан кейин эндигина очилган Жаҳон Обидова номидаги Совет қурилиши ва ҳуқуқ институти ҳуқуқ факультети 2-курсига қабул қилинади. Бу институтга Москва ва Ленинграддан И. И. Крылцов, И. Н. Трепицин каби профессорлар таклиф этилади. Институт олдига қонун соҳасини такомиллаштириш масаласи қўйилган эди. Сабаби, Ўзбекистонда 1928 йилгача совет судлари билан бирга шариат судлари ҳам бўлган.

Хадича Сулаймонова 1935 йилда институтни тугатади. Битирув кечасида Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Й. Охунбобоев иштирок этиб, битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласини ижобий ҳал қилган.

Хадича халқ суди сифатида иш бошлайди. 1935 йилнинг охирида Республика Олий суди аъзолигига сайланади. Бунга қадар ҳеч ким 22 ёшида бундай ютуққа эришмаган. У Олий судда 3 йилга яқин ишлайди.

1938 йили Москва юридик институти аспирантурасига ўқишга киради. Профессор А. Н. Трайнин етакчилигида илмий ишига материаллар тўплай бошлайди. Аммо уруш бошланиб кетгандан кейин унинг диссертацияси ҳимоя қилинмади. У Тошкентга қайтиб келиб, Ҳуқуқ институтида 2 йил ассистент, кейин жиноий ҳуқуқ кафедрасида доцент бўлиб ишлайди.

1945 йил 20 июнда СССР Адлия комиссарлиги ҳузуридаги Бутуниттифоқ юридик институтида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. Шу йили Тошкент Ҳуқуқ институти жиноий ҳуқуқ кафедраси мудири этиб тайинланади. СССР Олий таълим министрлиги Олий аттестация комиссияси унга берилган доцентлик унвонини тасдиқлайди.

1948 йили СССР Фанлар Академияси Юридик институтига докторантурага юборилади. 1950 йилнинг 29 декабрида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. Юридик фанлар соҳасида шарқ аёллари орасидан чиққан биринчи фан доктори бўлган у, мазкур ўқув юртида бир йилдан кўпроқ кафедра профессори бўлиб ишлайди.

1954 йили Хадичаа Сулаймонова Ташкент Ҳуқуқ институтига директор бўлиб тайинланади. Шу йилнинг декабрида унга «Ўзбек ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби» унвони берилади. 1955 йили институт ёпилиб, у САГУда очилган юридик факультети декани, жиноий ҳуқуқ кафедраси мудири бўлади. 1956 йили Хадича Сулаймонова ЎзССР Фанлар Академияси академиги бўлип сайланади. У 1956 йилнинг сентябрида ЎзССР Адлия министри бўлади. Худди шу лавозимда ишлаётганида 1961 йили 30 майда күчга кирган «ЎзССР адвокатура тўғрисидаги қонунини» тайёрлаган экан.

1957 йил 1 майдаги маълумотларга эътибор берсак, министрликдаги 41 ходимнинг 15 нафари, вилоят суди 87 судьясининг 25 нафари, 230 халқ судьясининг 48 нафари, 70 нотариуснинг 53 нафари аёл-қизлар бўлган. Бунга қараганда, Х.Сулаймонова аёл-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратган кўринади. 1958 йил 24 январда унинг раҳбарлигида Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиот институти ташкил этилади. Бу институтга кейинроқ Хадича Сулаймонова номи берилади. Институт ҳозирги пайтда марказга айланган. Шу йилнинг мартида Ўзбекистон Адлия ва суд органлари қайта ташкил этилди. Адлия министрлигининг судлар ва нотариусларни бошқариш функцияси Олий судга берилди. ЎзССР Министрлер Совети ҳузуридаги кодификация ишларини ташкил этувчи, министрликнинг бошқа вазифаларини бажарувчи орган – Юридик комиссия ташкил этилди. Х. Сулаймонова мана шу коммиссияга раҳбарлик қилди. Адвокатура, суд экспертизаси институти ушбу комиссия таркибига кирди. Институт 1959-1963 йилларда академик Х. Сулаймонова таҳрири остида 4 та илмий тўплам нашр қилди.

Тўртинчи чақириқ СССР олий Совети олтинчи сессияси 1957 йилнинг 11 февралида қабул қилган қонунга мувофиқ Иттифоқдош республикалар суд тизими тўғрисидаги қонунларни, фуқаролик, жиноий ва процессуал кодексларни қабул қилиш ҳуқуқи Иттифоқдош республикаларга берилди. Мана шу пайтда барча қонунларни тайёрлаш Х.Сулаймонова зиммасига тушди.

1959 йил февралда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирокида Тошкентда ўтказилган республикалараро илмий конференция Хадича Сулаймонованинг ташаббуси ва раҳбарлигида ўтказилди. 1959 йил 21 майда бешинчи чақириқ ЎзССР Олий советининг иккинчи сессияси «ЎзССР суд тизими тўғрисидаги қонун»ни (Иттифоқдош республикалар ичида биринчи бўлиб ) қабул қилди ва республиканинг жиноий, жиноий-процессуал кодексларни тасдиқлади. 1961-1963 йилларда фуқаролик ва фуқаролик-процессуал қонунларни тайёрлашда ҳам Х. Сулаймонова раҳбарлик қилди. Хадиша Сулаймонова 1948 йил Тошкент шаҳри Москва район советига, 1955-1957 йилларда Тошкент шаҳар советига, 1959 йилда ЎзССР Олий Советига депутат бўлиб сайланган.

Хадича Сулаймонова 1964 йил апрелда ЎзССР Олий суди раиси бўлиб сайланди. Бунга қадар дунёнинг ҳеч қайси давлатида бундай лавозимга аёл киши сайланмаган экан. Қизиқарли жиҳати шуки, бу бахт демократия ватани ҳисобланадиган АҚШ ёки Европа давлатлари аёллари эмас, қозоқ қизига насиб этиши катта тарихий ютуқ бўлиб қолаверади.

Хадича Сулаймонованинг 1956 йили социологларнинг учинчи халқаро Амстердам конгрессида иштирок этиши унинг номини жаҳонга танитди. 1961 йили Бирлашган Араб Республикасида ўтказилган Осиё ва Африка аёлларининг биринчи конференциясида нутқ сўзлаши эътиборга молик ҳодиса бўлди. Х.Сулаймонованинг Президент Гамал Абдул Носир билан учрашувини дунё матуоти кенг ёритди. Шунингдек, у Лондон, София, Токио, Деҳли, Прага, Коломба ва бошқа шаҳарларда ўтказилган конференцияларда иштирок этиб, доклад қилди.

Хадича Сулаймонова 1965 йил 26 ноябрда вафот этди.

Буюк олим, йирик арбобнинг умр йўлдоши Б.Шерхўжаев прокуратура соҳасида ишлаган. Шавкат деган ўғли бор.

Бутун дунёда Олий судни бошқарган илк аёлнинг ҳаёт йўли ҳақида 1974 йили профессор М.Ҳакимовнинг «Академик Хадича», 1993 йили М.Ҳакимов, Ғ.Аҳмедов, А.Саидовларнинг «Хадича Сулаймонова – ҳуқуқшушос, олим, давлат арбоби» китоблари нашр қилинган.

Муаллиф: Бекобод Узоқов


Калит сўзлар: Жамият,
Юқорига