Об-ҳаво
Астана -23 °С
Алматы -8 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

Бугун Қозоғистонда Биринчи Президент куни нишонланмоқда

1 Декабрь 2020 12:20

NUR-SULTAN. Kazinform – Бугун Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти куни. Бундан роппа-роса 29 йил олдин мамлакатда умуммиллий сайловлар бўлиб ўтди ва мустақил Қозоғистоннинг Биринчи Президенти сайланди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Умуман олганда, Биринчи Президент куни нафақат Қозоғистонда, балки дунёнинг бир қатор давлатларида расмий равишда нишонланади. Масалан, Президент куни АҚШда азалдан нишонланиб келинади. АҚШнинг биринчи президенти Джордж Вашингтон таваллуд топган кун 22 феврал 1885 йилдан бери Вашингтон куни деб номланади. Авраам Линколннинг туғилган куни 12 феврал. Америка Қўшма Штатлари аҳолиси ушбу икки шахснинг туғилган кунларини ўтган асрнинг 70-йиллардан бери нишонлаб, феврал ойининг учинчи душанбасини Президент куни сифатида нишонламоқда. Бироқ, аксарият америкаликлар ушбу байрамни ҳозирда Джордж Вашингтон куни сифатида нишонлайдилар.

Туркияда Мустафо Камол Отатурк Самсонга бориб, босқинчиларга қарши уруш эълон қилган кун 19 май (1919) – «Отатуркни ёд олиш, ёшлар ва спорт куни» сифатида нишонланади. Турклар расмий равишда бу кунни мустақиллик учун курашнинг бошланиши деб билишади. Отатуркнинг ўзи миллат учун ушбу муҳим кунни таъкидлаб: «Мен 19 майда туғилганман», деди. Ушбу байрам биринчи марта 1935 йил 24 майда Туркияда Отатурк куни сифатида нишонланган. Шу куни «Галатасарой» ва «Фенербахче» жамоалари бошқа спортчилар қатори Истанбулда Спорт кунини ўтказдилар.

Президент куни Буюк Британия ва Голландияда (Қиролича куни), Исландия ва Анголада ҳам нишонланади.

Мустақил Қозоғистон тарихида президентлик сайловлари бир кунда ўтказилмаган. Биринчидан, 1991 йил 16 октябрда Жоғарғы Кеңес «Қозоқ ССР Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. Ушбу қонун билан бирга 1991 йил 1 декабр Қозоқ ССР Президенти сайлови куни сифатида белгиланган фармон чиқарилди. Шундай қилиб, Қозоғистон тарихида биринчи марта республика Президенти умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди.

1991 йил 1 декабрда Нурсултон Назарбоев Қозоғистон тарихидаги илк миллий сайловда ғолиб бўлди. 5 декабр куни Марказий сайлов комиссияси сайловларнинг якуний натижаларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатдаги 21 та округ бўйича 9 961 242 киши сайловчилар рўйхатига киритилган. Сайловларда 8 788 726 киши ёки уларнинг 88,23% иштирок этди. Сайлов натижаларига кўра, 8 681 276 сайловчи Нурсултон Назарбоевга овоз берди, бу умумий сайловчиларнинг 98,78 фоизини ташкил этади. Шундай қилиб, Нурсултон Назарбоев биринчи марта халқ томонидан сайланган Қозоғистон Президенти мандатини қўлга киритди. Биринчи Президентнинг расмий инаугурацияси 1991 йил 10 декабрда бўлиб ўтди. Олти кундан кейин Қозоғистон Республикаси ўз мустақиллигини дунёга эълон қилди.

2011 йил 10 декабрда Қозоғистон Республикаси парламенти депутатлари ташаббуси билан «Қозоғистон Республикасида байрамлар тўғрисида» Қозоғистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш киритиш тўғрисида «Қозоғистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 1 декабрни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти куни сифатида белгилайди. Яъни, бугун Биринчи Президент куни Қозоғистонда 8-чи марта нишонланмоқда.


Муаллиф: Аян Бекенўғли

Калит сўзлар: ҚР Биринчи Президенти– Елбасы,
Юқорига