Об-ҳаво
Астана -7 °С
Алматы -13 °С
Валюта курси
USD 421.58
EUR 496.83
RUB 5.53
CNY 62.20

БМТ: Қозоғистон ҳукумат маълумотлари очиқлиги, онлайн хизмат кўрсатиш бўйича МДҲда етакчи

27 Октябрь 2020 18:36

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон ваколатли органлари раҳбарлари Исроил ва Эстониядан келган халқаро экспертлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг етакчи мутахассислари билан биргаликда электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича замонавий инновацион ечимларни муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Халқаро конференцияда электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги давлат идоралари ва халқаро ташкилотларнинг 100дан ортиқ вакиллари, шунингдек, Европа, Осиё ва Американинг 20 та мамлакати университетлари иштирок этди.

Конференцияни очар экан, ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин шундай деди: «Пандемия нафақат давлат ва ижтимоий хизматларга нисбатан анъанавий ёндашувларнинг заиф томонларини, балки кўплаб муаммоларга жавоб беришда рақамли технологияларнинг аҳамиятини ҳам кўрсатди. БМТ тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, мамлакатлар рақамли трансформация йўлида сезиларли ютуқларга эришдилар. Covid-19 пандемиясининг глобал авж олиши шароитида давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга».

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UN DESA) электрон ҳукумат раҳбари Винченцо Акуаронинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда давлат секторида рақамли трансформацияни жадаллаштиришга бўлган талаб кескин кўтарилди. Унга кўра, пандемия ҳукуматлар ва жамиятларни инқирозга қисқа муддатда жавоб бериш, унинг ўрта муддатли истиқболда оқибатларини бартараф этиш, шунингдек узоқ муддатли стратегик ечимлар ва воситаларни ишлаб чиқиш учун рақамли технологияларга мурожаат қилишга мажбур қилди.

UN DESA эксперти Арпине Корекян ўз маърузасида БМТнинг 2020 йилда электрон ҳукуматни ривожлантириш даражаси бўйича ўтказган тадқиқотининг асосий натижалари ва тенденцияларини тақдим этди. Унга кўра, БМТга аъзо 193 давлатдан 126 таси орасида Дания, Жанубий Корея ва Эстонияда электрон ҳукумат юқори ва жуда юқори даражада ривожланган. Қозоғистон ҳукуматнинг очиқ маълумотлари, онлайн хизмат кўрсатишнинг ривожланиш даражаси бўйича МДҲ давлатлари ва денгизга чиқа олмайдиган мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллайди.

Конференция давомида иштирокчилар ҳамкорлик истиқболларини ва ушбу масала бўйича глобал ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини муҳокама қилдилар.


Муаллиф: Қанат Маметқазиўғли


Юқорига