Об-ҳаво
Нур-Султон +7 °С
Алматы +14 °С
Валюта курси
USD 449.85
EUR 485.43
RUB 5.71
CNY 70.69

Ўзбекистон Президентлик сайловида иштирок этадиган илк номзод маълум бўлди

4 Август 2021 17:01

TASHKENT. Kazinform- Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. Унда Президент сайловига номзод тавсия этиш масаласи кўрилди, деб хабар қилади Kazinform UZAга таяниб.

Пленумда партиянинг навбатдан ташқари III-съездини чақириш, съезднинг кун тартиби ҳамда унга делегатларни сайлаш меъёри, ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этиш лозим, 2021 йилда мамлакатимизда биринчи маротаба Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтказилмоқда. 2021 йил 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бошланиши эълон қилинди.

Пленумда Янги Ўзбекистон тарихида илк бор янги сиёсий куч –Ўзбекистон Экологик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштирок этиши билан боғлиқ масала муҳокама қилинди.

Мамлакатда тобора долзарб бўлиб бораётган экологик муаммоларни ҳал этиш, жамиятда аҳолининг эътиборини экологик муаммолар ва уларнинг ечимига қаратиш, инсон саломатлигини асраш ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида жамият олдида турган ўта муҳим масалаларни ҳал этишни ўз зиммасига олган ҳолда партиянинг мазкур сайловда қатнашиши тўғрисида пленум қарори қабул қилинди.

Шунингдек, ушбу долзарб масалаларни ўзида акс эттирган дастур билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиши учун партия ўзининг бўлажак номзодини съезд муҳокамасига киритиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Экопартиядан президентлик cайловида иштирок этиш учун партия раиси Нарзулла Обломуродов номзоди илгари сурилди. Партиянинг съездини жорий йил август ойининг охирида Тошкент шаҳрида чақириш бўйича қарор қабул қилинди.


Калит сўзлар: Сайлов-2021, Марказий Осиё,
Юқорига